1

Сергелидаги портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилди

ЖАМИЯТ 28.09.2023, 12:00
Сергелидаги портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган “Inter Logistics“ МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. м. майдонда ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ёнғиннинг зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган ҳамда фуқаролар жароҳатланган.

Айни вақтда бир нафар 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлган.

Жароҳатланган фуқароларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган бўлиб, ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Воқеа тафсилотлари юзасидан ахборот бериб борилади.
 

 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Айни пайтга қадар берилган маълумотларга кўра, портлаш ва ёнғин оқибатида жароҳатланганлар бор, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, ҳудудддаги қатор хонадонлар ва бошқа объектлар жиддий зарарланган. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди

Айни пайтда ёнғин майдони, жабрланувчилар сони аниқланмоқда. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.

ССВнинг сўнгги маълумотига кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Портлаш бўйича Президент топшириғига асосан Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1