АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида жойлашган Жанубий Бушвик ислоҳот черковида катта ёнғин содир бўлиб, 174 йиллик тарихий бино деярли бутунлай вайрон бўлди. ABC телеканали маълумотига таяниб Zamon.uz хабар берди.
ABC телеканали маълумотига кўра, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 13:20 атрофида Бушвик авенюсидаги черков биносида бошланган. Тахминан 20 дақиқадан сўнг бинонинг қўнғироқ минораси қулаб тушган.
Нью-Йорк ёнғин хавфсизлиги хизмати бир неча соат давомида ўт ўчириш ишларини олиб борган ва соат 15:35 га келиб аланга тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида бир нафар ўт ўчирувчи енгил жароҳат олган.
Дастлабки баҳоларга кўра, ёнғин тарихий иншоотга жиддий зарар етказган ва уни бузиб ташлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ҳозирча ёнғин сабаби аниқ эмас, тергов давом этмоқда.
Жанубий Бушвик ислоҳот черкови 1982 йилда АҚШнинг Тарихий жойлар миллий реестрига киритилган бўлиб, маҳаллий аҳоли ушбу ёдгорликнинг йўқолишини катта маданий йўқотиш сифатида баҳоламоқда.






