Аввал хабар қилинганидек, Сардоба омборидаги сув тошқини натижасида уйларига талафот етган сирдарёликларга давлат раҳбари топшиғирига асосан кўмак кўрсатилиб, таъмирлаш-қурилиш ишларига ёрдам берилади. Қашқадарё вилояти аҳли ҳам бу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Қурувчию мутахассисларни ўз бағрига олган автобуслар карвони Сардоба сув омборидаги тошқиндан жабр кўрган ҳудудга етиб борди, дея хабар берди Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати.
Кеча Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси томонидан 5 дона автобус ажратилган ва шу куннинг ўзида жамоа йўлга отланганди.
- Ҳозир Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Шодлик маҳалласида бўлиб турибмиз, дейди бошқарма бошлиғи Улуғбек Эрназаров. – Мазкур ҳудуддаги 135 аҳоли хонадони Қашқадарёга бириктирилган. Қурувчиларни эсон-омон манзилга етказдик.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Намангандан ҳам Сирдарёга 800 дан зиёд қурувчи сув тошқинидан жабр кўрганлар учун янги уйлар барпо этишга отлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятидан 1200 нафар қурувчи Сардоба тошқинидан зарар етган уйларни таъмирлашга жўнаб кетган эди.






