Сал аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 октябрь куни узоқ давом этиб келаётган “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни якунланди.
Суд якунига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва шу тариқа “UzAutoMotors” судда ғолиб келди.
Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматига таяниб «Газета.uz»нинг хабар беришича, қўмита суд қарори устидан шикоят қилади.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган иш 19 август куни кўриб чиқилган эди.
Қўзғатилган ишнинг кўриб чиқилишида компаниядан бирор вакил қатнашмагач, иш охирида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилганди.
Шундан сўнг "UzAvto Motors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган эди.
2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг ишига оид қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган эди.






