Сирдарё вилоятида жойлашган "Бахт" бозорини, масжид ва баъзи уйларни сув босди. Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатлар акс этган тасвирлар тарқалмоқда.
Видеода берилган изоҳларга кўра, бозор ёпилиб одамлар кўчирилмоқда.
Кеча, 15 март куни вилоят ФВБ юзага келган муаммолар яъни сувларнинг тўпланиб қолишини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳудудий ҳокимликлар, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда ихтисослаштирилган хизматлар билан ҳамкорликда барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилганди. Қайд этилишича, вазият тўлиқ назорат остида.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзгидромет" 16-19 март кунлари кутилаётган кучли ёмғир сабаб Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларининг қатор туманларида сел келиши хавфини эълон қилганди.
Хусусан, кеча Жиззах вилоятининг баъзи ҳудудларига сел келди. Шунингдек, Самарқанд кўчалари ҳам сувга тўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда совуқ ҳақо оқими кириб келмоқда. Айнан шу антициклон охирги пайтларда жанубдан тинмай ривожланаётган ёмғирли жанубий циклонлар фаоллигига ''чек қўйиши'' кутилмоқда.






