Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда одамларнинг бир-бирига, хусусан, аёлларга нисбатан зўравонлик қилингани ёхуд “самосуд” ҳолати акс этган видеотасвирлар кўпайиб бормоқда. Жумладан, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқувчининг яқинлари директор ўринбосари ва ўқитувчини калтаклагани жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилди. Шунингдек, сал аввал Нукусда аёл киши оғзаки гап талашиб қолиши ортидан бир гуруҳ аёллар томонидан аёвсиз дўппосланган эди. Воқеа атрофида эркакларнинг ҳам борлиги янада ачинарли. Шунингдек, Сурхондарёда кундошини “самосуд” қилиб “жазолаган” аёл ва унинг опаси озодликдан маҳрум этилди.
Келтирилган ҳолатлар тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда ёритилганлари холос. Аслида, жамиятда бу каби иллатлар янада кўпроқни ташкил этади.
ЗЎРАВОНЛИКЛАРНИНГ 87 ФОИЗИ ОИЛАДА СОДИР ЭТИЛГАН
Умида АБДУЛЛАЕВА, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник:
— 2021 йил давомида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 39 343 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганишда 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлар аниқланган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.
ЗЎРАВОНЛАР КИМЛАР?
2021 йилги кўрсаткичларга кўра, Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёллар сони Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқорилигини кўрсатган. Жумладан, пойтахтда бу борада вазият анчайин оғир. Хўш, аёлларга зўравонлик қилаётганлар кимлар?
Акбарали ТУРАБОВ, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси:
— 2022 йилнинг 1 январидан 31 мартига қадар Тошкент шаҳар суди томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жами 123 нафар шахсга нисбатан 96 та иш кўрилган. Шундан 85 нафар шахсга нисбатан 61 та айблов ҳукми чиқарилган. Аёлларга нисбатан жиноят содир қилганларнинг 34 нафарига озодликдан махрум қилиш, 47 нафарига бошқа жазо, 2 нафарига шартли жазо тайинланган. 33 нафар шахсга нисбатан 33 та иш ярашувга асосан тугатилган. Шунингдек, 43 та хусусий ажрим чиқарилган. Зўравонлик ва тазйиқ ўтказилганидан жабрланган аёллар жами 112 нафарни ташкил қилади. Шундан,
✔ 7 нафари 18 ёшгача бўлган қизлар;
✔ 48 нафари 18-30 ёшгача бўлган аёллар;
✔ 55 нафари 31-60 ёшгача бўлган аёллар;
✔ 2 нафари 60 ёш ва ундан юқори бўлган аёллар;
✔ 78 нафари ишсиз аёллар.
Нега фуқаролар борган сари кўча-қўйда очиқ-ойдин бир-бирини “самосуд” қиладиган бўлиб кетди? Ўзгаларга нисбатан зўравонлик қилишнинг жавобгарлиги борлигини билишадими ёки бундан бехабарми?
“САМОСУД” — НИМА? ЖАЗОСИ ҚАНДАЙ?
“Самосуд” бу ўзбошимчалик билан суд қилиш ва жазолашдир. Бу турдаги зўравонлик учун қонунчилигимизда жавобгарлик мавжуд.
* Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга оширса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса-бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
* Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, ўзбошимчалик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишига сабаб бўлади.
* Жиноят кодексининг 103-моддасига кўра, шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш, уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
ҚАНДАЙ ЕЧИМ ТОПИШ МУМКИН?
Аниқланган ҳолатлар, жабрдийдалар сони ва айбдорларга берилган жазолар бўйича барчаси тушунарли. Бироқ нега зўравонлик ҳолатлари борган сари кўпаймоқда? Бу масалага қандай ечим топиш мумкин?
Русланбек ДАВЛЕТОВ, Адлия вазири:
— Бизнинг жамиятда самосуд ҳолатлари ҳуқуқнинг онгга тескари ишлайдиган ҳолатидир. Охирги пайтларда бу ҳолатлар ошиб бормоқда. Самосуд балки ўша заҳоти кимнингдир қонга тўлган кўзларини ёки кузатиб турганларнинг инстинктини ва эҳтиёжини қондирар, лекин узоқ истиқболда эркин жамият қуришга катта тўсиқ бўлади ва одамларнинг адолатли ва хавфсиз шароитда яшашга ишончини сўндиради. Шунинг учун, бу борадаги тарғибот ва ташвиқотни кучайтириб, самосуд ҳолатларига қарши курашишимиз лозим.
Расул КУШЕРБАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— “Самосуд” ҳолатлари қонунчилигимиз бўйича ўзбошимчалик билан жазолаш сифатида қайд этилиб, унга нисбатан аниқ жавобгарликлар белгиланган. Лекин келажакда зўравонликнинг айнан “самосуд” ҳолати бўйича алоҳида жавобгарлик белгилаш керакдир, балки. Чунки айни пайтда жазо белгиланган, бироқ уни янада кучайтириш лозим. Лекин шу ўринда бир нарсани унутмаслик керакки, жамиятнинг ўзида қонунлар асосида яшашга интилиш кучаймаса, жазони ҳар қанча оғирлаштирсангиз ҳам фойдаси йўқ. Яъни ҳар бир фуқаро қилинаётган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланганини, аввало, ўзлари ҳис этишлари ва масъулиятли бўлишлари лозим. Афсуски, қонунбузарлар орасида оддий фуқароларгина эмас, мансабдорлар ҳам бор. Зўравонлик ва “самосуд” ҳолатларининг кўплигига ҳам фуқароларнинг қонунга итоат этмаслиги сабабчидир.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
Зўравонликлардан жабр кўрган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати қошида “Ишонч маркази” ташкил этилиб, 2022 йил 10 январь кунидан марказда “12-59” ва “12-86” қисқа рақамлари орқали тун-у кун узлуксиз хабарларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 5 май, 18-сон






