1

АҚШ ва Европа Иттифоқи Озарбайжонни Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда

ДУНЁ 19.09.2023, 23:41
АҚШ ва Европа Иттифоқи Озарбайжонни Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда

Европа Иттифоқи Озарбайжон ҳукуматини Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррел баёнотида айтилади.

“Европа Иттифоқи алоқа чизиғи ва Қорабоғнинг бошқа қисмларида ҳарбий кучайишни қоралайди. ЕИ можаронинг кучайиши оқибатида инсонлар ҳалок бўлганидан афсусда”, — дейилади жаноб Боррел баёнотида.

Шунингдек, ҳужжатда “Биз Озарбайжонни жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, дейилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун - 19 сентябрь куни Озарбайжон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғдаги позицияларини ўққа тута бошлади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон қўшинларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш талабларини илгари сурди. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги минтақада мамлакат қуролли кучлари йўқлигини маълум қилди.

Европа Иттифоқининг баёнотидан сўнг Америка Қўшма Штатлари ҳам Озарбайжонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.

Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни талаб қилиб чиққан. Йиғилиш 21 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтади.

Қорабоғдаги можаронинг кучайиши фонида юзлаб одамлар Арманистондаги  ҳукумат биносига йиғилиб, бош вазир Пашинян сиёсатига қарши бош кўтаришди.  

Туркия раҳбари Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Қорабоғ Озарбайжон тупроғи эканлигини,  унинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва у билан бирга бўлиш йўлидаги қадамларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1