Хабарингиз бор, бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат бўйича ИИВ вазирлиги расмий баёнот билан чиқиб, ушбу ҳодисада иштирок этган ва масъул бўлган 5 нафар лавозимдаги шахсни ишдан олингани ва 19 нафар ходим жазоланганини маълум қилди.
Ҳодисага Ўзбекистоннинг бир қатор ижтимоий фаол шахслари — журналист, блогер ва депутатлар ўз муносабатларини эълон қилишди. Айни пайтда Халқ демократик партияси вазиятга муносабат билдирди:
"Кечагина Андижон вилоятида рўй берган жиноят ички ишлар тизимида “қонунга сўзсиз итоат қилиш”, деган тушунча ишламаслигининг исботидир. Хўш, нима учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бундай ҳолатлар юз бермоқда? Нега “қатъий чора кўрилди”, деб берилган ҳисоботлардан кейин яна фуқароларни қийноққа солиш, инсон ҳуқуқларини бемалол паймол қилиш кузатилмоқда? Бизнингча, бу кўрилаётган “чоралар” тор доирада қўлланиши, тизимга етарлича таъсир қилмаганининг оқибатидир.
Андижон воқеасини олайлик. Бевосита фуқарони калтаклаган “муштумзўрлар”га жиноят иши очилди, икки нафар раҳбар ишдан четлатилди. Хўп, шу билан тизим яхшиланиб қоладими? Бир онанинг навқирон ўғлини бевақт ўлимига фақат улар айбдорми?
Гумонланувчи сифатида ўша йигитни уйидан зўрлик билан олиб чиқишда, уни идорага олиб келишда қатнашганлар бунинг ноқонуний эканлигини билмасмиди? Ички ишлар идорасига олиб кирилиб, ҳеч қандай қарор, ҳужжатсиз уни “тергов” қилиш ҳолатидан идорадаги бошқа ходимлар, раҳбарлар бехабармиди? Бу биринчи шундай ҳолатмикин?..
Демократия асосида жамият барча аъзоларининг қонунга сўзсиз итоат қилиши туради, бунда, айниқса, куч ишлатар тизим ходимлари ўрнак бўлишлари лозим.
Мудҳиш ҳолат буни яна бир бор кўрсатиб қўйди. Босим ўтказиш, жисмоний куч ишлатиш, қўрқувда ушлаб туриш каби ноқонуний усуллар натижа бермайди. Замон бутунлай ўзгарган, одамларнинг ғурури, қадр-қимматига тегиш яхшиликка олиб келмайди.
Айбдорлар қатъий жазоланиши масаланинг биринчи томони. Бундан кейин нафақат ички ишлар, балки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида шаффоф ва танқидий таҳлил ўтказилиши керак. Чунки бу воқеадан кейин бошқа ҳудудларда ҳам вазият шундайми, деган жамоатчилик саволига асосли, ишонарли жавоб берилиши зарур.
Воқеа ҳақидаги хабарлар ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалди, бу ҳолат инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кенг ислоҳотлар бошланган, эски хатолар тузатилаётган пайтда мамлакат обрўсига салбий таъсир етказиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун масалага янада чуқурроқ ва кенгроқ қараш талаб этилади.
Тергов хоналарига ўрнатилган камералар очиқликни, қонун устуворлигини таъминлаб беролмаётган пайтда бу жуда муҳим. Камералар ўрнатилди, лекин “ўчириб-ёқиш” тугмалари кимларнинг қўлида қолди, деган масалани ҳам чуқур таҳлил этиш зарур. Тергов-суриштирув жараёнларида қонунийлик тўлиқ таъминланмасдан, бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслигига амин бўлиш мушкул.
Бизнингча, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, хусусан, уларнинг куч ишлатиши, босим ўтказиши ҳақидаги мурожаатларни фуқаролик жамияти институтлари иштирокида республика миқёсида чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, натижалар бўйича жамоатчиликка тезкор ахборот етказишни йўлга қўйиш зарур.
Ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатларга таяниб, қийноқларга йўл қолдирмаслик мақсадида тизимли таклифлар тайёрланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Лозим бўлса, қонун ҳужжатларига шу масалада фуқароларнинг ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жоиз. Халқ демократик партияси Ўзбекистонда қонун устуворлиги таъминланган давлат барпо қилиш, барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан кафолатланиши учун албатта курашади.
Инсон ҳаёти муқаддас, унга ҳуқуқ-тартибот ходимлари дахл қилиши жуда оғир ҳолат. Ҳар бир инсон қадр-қимматини жойига қўйиш, унинг устувор ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳали изчил давом этиши зарур.
Ички ишлар жазоловчи орган эмас, унинг тизимидаги ходимлар эса жазоловчилар эмас. Шу оддий ҳақиқатни бу соҳага адашиб кириб қолганлар тушунмаётган ёки тушунишни истамаётган бўлсалар, халқнинг, давлатнинг тушунтириб қўйишга кучи етади. Биз 21 асрда яшамоқдамиз, Ўзбекистон очиқ давлатга айланмоқда, ўзининг ифлос, жирканч мақсади йўлида катта бир давлатнинг обрўсига путур етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ", - дейилади Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши муносабатида.
Расул Кушербаев ички ишлар вазирининг истеъфосини сўраб чиқди.
Сенат қўмитаси раиси: Андижондаги мудҳиш воқеа қимматбаҳо тош можарасидан бошланган.






