Фтизиатрия ва Педиатрия марказлари барча ҳудудларда ўз филиалларини ташкил этгани боис, пойтахтга келувчи беморлар сони сўнгги 2 йилда қарийб 20 фоизга камайган. Шу билан бирга, Нейрохирургия марказига бошқа ҳудудлардан мурожаатлар камайган бўлса-да, филиал ташкил этилмаган Хоразм вилоятидан қатнов 60 фоизга ортган. Бу маълумотлар Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
“Жарроҳлик амалиётини талаб этмайдиган юрак қон-томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари, тери касалликларига диагноз қўйиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини туманларда амалга ошириш мумкин. Кўз микрохирургияси, юрак қон-томирда стентлаш, урология, травматология, кўкрак ва қорин бўшлиғи йўналишларидаги жарроҳлик муолажаларини вилоят даражасида ташкил қилиш учун барча шароитлар етарли”, деди давлат раҳбари.
Бунинг учун:
Травматология маркази – Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида протезлаш;
Хирургия ва Шошилинч марказлар – Самарқанд, Наманган ва Хоразмда буйрак трансплантацияси;
Кардиология маркази – Андижон, Навоий ва Қашқадарёда юрак қон-томирда стентлаш ва болалар юрак жарроҳлиги;
Урология маркази – Қорақалпоғистон, Жиззах ва Фарғонада буйракдан тош олиш муолажаларини йўлга қўйиши шартлиги таъкидланди.
Сардорбек Раҳмонқулов, “Даракчи” мухбири
Мавзуга доир:
Президент тиббиёт соҳасидаги 70 фоиз муаммоларга ечим ҳақида гапирди
"Маблағ ажратиляпти, лекин тўғри йўналтирилмаяпти". Президент бепул тиббий хизмат тўғрисида гапирди
Ўзбекистонда аҳоли жон бошига дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 3 бараварга оширилади
Президент “Қишлоқ шифокори” дастури суст олиб борилаётганини танқид қилди






