Халқ қабулхоналарига келаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганида, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани борасида ҳеч қандай маълумот берилмайди.
Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади.
Айни дамда бўлаётган йиғилишдан Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар беришича, шу боис, президент Шавкат Мирзиёев Конституцияга “Миранда қоидаси”ни киритишни таклиф қилди.
“Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим. Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш, яъни шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин бўлган амалиётни қўллаш шартлиги таъкидланди.
“Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак. Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур”, - деди давлат раҳбари.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталганини, бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз айбсиз айбдор бўлиб, яқин қариндошлари содир этган қилмишлар учун жабр тортиб келганлигини ҳам эслади.
“Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз. Чунки халқимизга нисбатан собиқ ту́зум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?! Шу боис, Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак.Шунингдек, “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам Асосий қонунимизда ўз аксини топиши зарур.Биз жазо муддатини ўтаётганларни ҳам қайта тарбиялаб, улар соғлом ҳаётга қайтиши учун барча чораларни кўришимиз керак”, - деди президент.
Мавзуга доир:






