2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда ис гази сабаб 150 нафарга яқин фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил давомида республикада 90 дан ортиқ ис гази билан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида 50 нафар шахс жабрланиб, 146 нафар фуқаро эса ҳаётдан кўз юмган.
“Ички ишлар вазирлиги кўмир, ўтин, нефть маҳсулотлари ва бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб қолади. Ностандарт ёки сертификатланмаган иситгич ва печлардан фойдаланманг. Газ ҳидини сезсангиз 1050 ёки 102 қисқа рақамларига қўнғироқ қилинг”, - дея огоҳлантирмоқда ИИВ матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қаршида бир оиланинг уч аъзоси, яна бир оиланинг уз нафар боласи заҳарланиб, улардан бири, Жиззахда 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси, Хоразмда ижара уйда икки фуқаро ва Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Наманганда қайнонa, келин ва набира, Фарғонада 3 кунлик келин-куёв, яна бир эр-хотин, Чинозда эр-хотин 3 ойлик чақалоғи билан ис газидан заҳарланиб вафот этган эди. Шунингек, сал аввал Хоразмда 9 кишилик оила ис газидан заҳарланиб, икки инсон ҳалок бўлган ва Бухородаги хонадонда содир бўлган ёнғинда эр-хотин ва уларнинг уч нафар фарзанди вафот этди.






