Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.



Ҳодиса натижасида 163 нафар аҳоли жабрланган, бир нафари вафот этган.



Портлаган обеъктга яқин бўлган Сергели туманидаги Қурувчилар даҳасида жойлашган кўп қаватли уй деразалари, эшик ва ромлари синиб тушган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолига етган барча зарар қоплаб берилишини маълум қилди.



Портлашдан бир неча соат ўтиб Бош вазир Абдулла Арипов воқеа жойига етиб келди.



Президент топшириғига кўра, Портлаш бўйича Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.



Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.



Ёнғинни ўчириш учун вертолёт ва ёнғин ўчириш поезди ҳам жалб қилинди. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, тезкор ҳаракатлар натижасида, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.Натижада15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди.












