2021 йил 8 январь куни соат 03:41 да Хоразм вилояти, Хива шаҳар, Исломхўжа кўчаси, 6-уйда сизиб чиққан табиий газ ва ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлиб, яшаш уйининг деворлари ва томи қулаган ҳамда уйнинг 70 кв.м. майдонида том бостирмасида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ Ахборот хизмати хабар қилди.
Воқеа жойида ФВБ ёнғин-қутқарув ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари натижасида соат 04:50ларда уй эгаси қизининг (2005 й.т.) жасади бино конструкцияси уюмлари орасидан олиб чиқилди. Ёнғинда уй эгаси Ш.Э.нинг юз қисми, қўллари 22 % термик куйиб, шифохонага ётқизилган.
Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши чақнашнинг асосий сабаби деб тахмин қилинмоқда. Воқеа жойига вилоят ҳокими бошчилигида ИИБ, ФВБ, ССБ ва бошқа тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилиниб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишингизни сўрайди.
Эслатиб ўтамиз:
2020 йил 6 ноябрь куни Сирдарёда ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этишди.
30 октябрь куни Навоийда коллеж ўқувчиси бўлган ака-ука уйида ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Шунингдек, октябрь ойида никоҳ тўйига икки кунгина бўлган ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бир неча кун аввал эса Нукусда ижарада яшаётган 4 нафар талаба, Янгийўлда эса бир оила ис газидан заҳарланди.
25 ноябр куни Сирдарёда аёл ва унинг 3 фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этган. 9 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 6 киши ис газидан заҳарланиб, вафот этган. 13 декабрда Навоий вилоятида 13 ёшли қиз ҳам ис гази қурбони бўлди. Бир неча кун аввал эса Жиззахда 19 ёшли йигит ис газидан заҳарлани вафот этгани хабар қилинган эди. 2021 йилнинг 4 январь куни Хоразмда бир оила ис газидан заҳарланиб, она ва қизи вафот этган. Шунингдек, Жиззахдаги МЧЖ ошхонасида содир бўлган портлашда қоровул вафот этди. 6 январь куни Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида газдан портлаш содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлган эди.
Мавзуга доир:
2020 йилда ис газидан қанча фуқаро вафот этгани маълум қилинди






